Жаҳон банки делегацияси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида ўтган музокараларда сув заҳираларидан фойдаланиш бўйича лойиҳаларни, жумладан, Орол денгизи ҳудудида амалга ошириладиган ишларни муҳокама қилди.
Вазирликнинг билдиришича, 18 июнь куни ўтган музокарада Жаҳон банки делегациясига банкнинг сув масалалари бўйича катта директори Гуан Чже Чен раҳбарлик қилган. Музокарада Оролни қутқариш халқаро фонди доирасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокаманинг асосий мавзуси бўлган.
Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро фондига 1993 йилнинг январида асос солган эди. 2008 йилдан бери мазкур фонд БМТ Бош Ассамблеясида кузатувчи мақомига эга. Сўнгги уч йилда фондга Туркманистон раислик қилмоқда.
Орол денгизи 1960 йилгача дунёдаги энг катта кўл сифатида 4-ўринда турар эди. Сўнгги 55 йил ичида денгиз майдони уч баробарга қисқариб, сув сатҳи 29 метрга пасайган. Денгиздаги сув ҳажми 15 баробарга камайган.