Жаҳонда қочқинлар сони 69 миллионга етди

Мьянмадан Бангладешга қочган роҳинжа мусулмонлари.

БМТнинг Қочқинлар иши бўйича агентлиги 2017 йилда урушлар, зўравонликлар ва таъқиблар ортидан 69 миллионга яқин одам қочқинга айланишга мажбур бўлганини билдирди. Ўтган йили жаҳонда қочқинлар сони 4,5 фоизга кўпайган.

19 июнда эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, қочқинларнинг 70 фоизи Сурия, Афғонистон, Жанубий Судан, Мьянма ва Сомали фуқароларидир.

Ҳисботда белгиланишича, 2017 йил охирига келиб Суриядан хорижга қочган одамлар сони 6 миллион 300 минг одамни ташкил қилган. Яна 6 миллион 200 минг суриялик ички мигрантларга айланган.

2017 йилда афғонистонлик қочқинлар сони ҳам 5 фоизга кўпайиб, 2 миллион 600 минг одамга етган.

Туркия, Покистон, Ливан ва Эрон қочқинларни энг кўп қабул қиладиган дастлабки мамлакатлар экани билдирилди.