Тошкент шаҳрининг ҳар бир маҳалласида “Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳлари ташкил этилади.
Бу борада президент имзолаган “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда сўз боради.
“Фидокор ёшлар” гуруҳи ҳарбий хизматга чақирилувчилар, олийгоҳлар, жумладан, ички ишлар органларининг таълим муассасаларига кириш истагини билдирган номзодлар, ички ишлар органларида хизмат қилиш истагини билдирган номзодлар орасидан танлаб олинади.
“Фидокор ёшлар”нинг ҳар бир аъзоси кечки ва тунги вақтида белгиланган йўналиш бўйича умумий 100 соатдан кам бўлмаган вақт миқдорида патруллик қилишга жалб этилади.
Юз соат навбатчилик қилиш хизматга ёки олийгоҳга ҳужжатларни якуний қабул қилишнинг асоси ҳисобланади.
Фаол “Фидокор ёшлар”га эса профилактика инспекторлари фуқаролар йиғинлари раислари билан биргаликда хизматга ёки ўқишга киришда инобатга олинадиган тавсияномаларни берадилар.
Ўзбекистонда “фидокор”, “фидоий” каби атамалар ёшларга нисбатан аввалари ҳам қўлланилган. Масалан, 2017 йилдаги пахта терими мавсумида республика бўйлаб 575 та "Фидоий ёшлар" отрядлари тузилган эди.