Қарийб 19 йиллик қамоқдан сўнг, шу йилнинг 22 февралида озодликка чиққан ўзбекистонлик журналист Юсуф Рўзимуродов ИИВнинг Миришкор тумани бўлими ходимлари унинг устидан ноқонуний равишда назорат ўрнатганидан шикоят қилди.
Унинг айтишича, қамоқдан тўлиқ озод этилган ва расман назорат белгиланмаган.
Бундан ташқари, шу йилнинг 7 апрелида президент девони ходимлари журналист билан учрашгач, унинг устидан ҳар қандай назоратни тўхтатишни сўраган.
"Аммо, шунга қарамасдан туман ИИБ назоратини тўхтатмаяпти", дейди журналист Озодлик билан суҳбатда.
Шунингдек, Озодлик билан суҳбатда журналист президент Мирзиёев девони ходимлари у билан шу йилнинг 7 апрелида учрашгани, унга уй ажратилгани ва бошқа муаммолари ҳам ҳал бўлаётганини айтди.
19 йиллик қамоқ пайтида уйсиз қолган Рўзимуродов ҳозирда Қашқадарё вилоят, Миришкор туманида акасининг уйида яшамоқда. У фуқаролик паспортини олди ва энди чиқиш визасини кутмоқда.
Қуйида журналист билан суҳбатни тингланг:
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Юсуф Рўзимуродов 1999 йил Тошкент портлашларидан сўнг Киев шаҳрида ҳибсга олинган ва Ўзбекистонга топширилганди.
Ўзбекистон ҳукумати Рўзимуродовни, ўша пайтда Киевда ушланган яна бир журналист Муҳаммад Бекжон ҳамда таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудовни, Тошкент портлашларига алоқадорликда айблаган.
Маҳкама жараёнида айбланувчилар айбларни рад этишган ва қийноққа солинганликларини айтганлар.
Юсуф Рўзимуродовга берилган дастлабки 14 йиллик қамоқ жазоси "ички тартибни бузгани важидан" икки марта узайтирилган.
54 ёшли Юсуф Рўзимуродов президент Ислом Каримов даврида қамалган ва Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида озод қилинган ўндан зиёд сиёсий маҳбуснинг бирдир.
1999 йилги Тошкент прортлашларида айбланиб, Рўзимуродов билан қамалган мухолифатчи журналист Муҳаммад Бекжон ўтган йилнинг 22 февралида, ёзувчи Мамадали Маҳмудов эса, 2013 йилнинг апрелида озод этилган эди.