Коррупция айбловлари ортидан ФИФА президенти лавозимидан 2015 йилда озод этилган ва олти йилга футболдан четлаштирилган Йозеф Блаттер 21 июнь куни Москвада Reuters агентлигига берган интервьюсида жаҳон чемпионатига Россия ҳукумати таклифи билан келганини ва президент Путиннинг уйида меҳмон бўлганини билдирди.
-Кеча кечқурун мен президент Владимир Путин билан учрашдим, У мени Кремлдаги квартирасига таклиф қилди. Мен унинг уйида авваллари ҳам бўлганман. Биз жаҳон чемпионати қандай ўтаётгани ҳақида гаплашдик,-деди Баттлер.
Блаттер унинг футболдан четлатилгани жаҳон чемпионатида ишқибоз сифатида иштирок этишига тўсқинлик қила олмаслигини, у Москвага футбол ишқибози сифатида меҳмонлар қаторида чақирилганини айтди.
Шунингдек, Батлер ФИФА ўз собиқ президенти жаҳон чемпионатига келганига қаршилик кўрсатмаслигига умид билдирди.
АҚШ прокурорлари 2015 йил майида ФИФАнинг 14 нафар мулозимини ўз лавозимини суиистеъмол қилганликда айблаб чиққан эди. ФИФА раҳбариятига нисбатан илгари сурилаётган коррупцияга алоқадорлик айбловлари бўйича давом этаётган суриштирувлар ортидан Блаттерга ҳам жиноий иш қўзғатилган.