Уткин Эрматовдан узр сўради ва Ўзбекистонга "ярашув" таклиф қилди (ФОТО)

Равшан Эрматов, ЖЧ-2014

Россиялик таниқли журналист ва футбол шарҳловчиси Василий Уткин ўзбекистонлик рефери Равшан Эрматовдан кечирим сўради.

"Агар меникилар нимаси биландир фарқ қилса, мени кечиринг, Ровшан ака!" деб ёзди Уткин ўзининг Instagram саҳифасида.

Василий Уткин Россияда бўлиб ўтаётган футбол бўйича жаҳон чемпионатида Аргентина-Хорватия ўйинига бош ҳакамлик қилган Равшан Эрматовни ўзининг Twitter саҳифасида “эшакнинг боласи”, деб ҳақоратлаган эди.

Унинг бу твити 14 соат ичида 520 та шарҳ йиғди ва минглаб ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ғазабига сабаб бўлди. Норозилар Уткиндан кечирим сўрашни талаб қилиб, #УткинИзвинись акциясини бошлади.

Кейинги икки кун давомида, ўзбекистонликлардан ўзига ёғилган норозилик ҳамда таъна-маломатлардан тоқати тоқ бўлганини Twitter саҳифасида киноялар билан обдон шарҳлаган шарҳловчи, охир-оқибат, 23 июнь куни Instagram постида Эрматовнинг сурати билан бирга 10та жумла қолдирди.

"1. Ровшан Эрматов ажойиб судья. 2. Унга ва унинг оиласи, дўстларига соғлик ва омадлар тилайман. Улар минг йиллаб яшасин ва ҳатто, бирор марта йўталиб қўймасин... 7. (Бахтли рақам) Ўзбекистон, кел ярашайлик. Ўзбеклар ажойиб, мен ҳеч кимни миллатига кўра ҳақорат қилмадим, ҳеч кимни... 8. Ровшан ака, сизнинг бу воқеага эътибор қилиб ўтиришингизга ишонмайман. Агар сиз рекордчи ҳакам бўлсангиз, бу эса бор гап, узоқ йиллар давомида ўз номингизга дунёнинг турли тилларида янграган энг даҳшатли сўзларни эшитиб келаяпсиз, бу сўзларнинг эса ҳеч бир аҳамияти йўқ. 9. Агар меникилар нимаси биландир фарқ қилса, мени кечиринг, Ровшан ака!" деб ёзди Уткин, жумладан.

Бунга қадар Уткин шу каби мазмундаги шарҳни ўзининг Telegram каналида тарқатган, аммо "мени кечирингРовшан ака!" жумласини қўлламаган эди.

Равшан Эрматов бошчилик ўзбекистонлик ҳакамлар гуруҳи Жаҳон чемпионатида Аргентина ва Хорватия ўртасида 21 июнь куни ўтган ўйинга ҳакамлик қилди.

FIFA бу ҳакамликни яхши баҳолади ва Эрматов бошчилик гуруҳга 25 июнь куни Испания ва Марокаш ўртасида ўтадиган яна бир ўйин топширилди.

Эрматов ҳакамлигидаги ўйин Испания ва Марокаш ўртасида 25 июнь куни, Тошкент вақти билан соат 23:00 да бошланади.

Унга, одатдагидек, ўзбекистонлик Жаҳонгир Саидов ва Абдуҳамидулла Расуловлар ассистентлик қилади. Резервдаги ҳакам эса БААдан Муҳаммад Абдулла бўлади.

Эрматов ҳозиргача Жаҳон чемпионатларида 10та ўйиннинг асосий ҳаками сифатида рекорд ўрнатди.

Равшан Эрматов 2016 йилда 'Globe Soccer Awards" талқинида жаҳонда "Йилнинг энг зўр ҳаками", деб топилган.

У Осиё қитъасида беш марта, Ўзбекистонда эса 10 марта "Энг зўр ҳакам", деб топилган.

Шунингдек, Эрматов ҳозирда чемпионатнинг финал баҳсларига ҳакамлик қилиши мумкин бўлган реферилардан бири сифатида кўрилмоқда.