Расмийларини танқид қилгани учун футболдан четлатилган Вадим Абрамовга мураббийлик лицензияси қайтарилди

Таниқли футбол мураббийси Вадим Абрамов.

Ўзбекистон футболи расмийларини танқид қилгани ортидан “номаълум муддатга футболдан четлатилган” машҳур тренер Вадим Абрамовга мураббийлик фаолиятини давом эттиришга рухсат берилди.

Футбол ассоциацияси расмий сайтида 25 июнь куни маълум қилинишича, ташкилот ижроқўми Вадим Абрамовнинг мураббийлик лицензияси қайтарилишини сўраб ёзган аризасини кўриб чиққан ва ижобий қарор қабул қилган.

“Мазкур мутахассис мамлакат футболи учун салмоқли меҳнат қилган. У эришган натижалар ҳурматга лойиқ. Шу билан биргаликда Вадим Абрамов ҳам футболчилар, мураббийлар ва мутахассисларни ҳурмат қилиши лозим.

Мураббийлар, клублар раҳбарлари битта жиҳатни тўғри тушуниб олиши керак. Бундан буён футбол бедарвоза бўлмайди. Ҳар бир иш, ҳар бир ҳатти-ҳаракатнинг жавоби бўлмоғи лозим. Ҳозирда ҳам буни англаб етмаётган ва ўз ҳолича иш олиб бораётган кишилар орамизда бўлиши мумкин. Кимдир футболга гард юқтирмоқчи бўлса, унга орамизда жой йўқ”, дейилади расмий маълумотда.

Фарғонанинг "Нефтчи" клуби мураббийси бўлган Вадим Абрамов 2017 йилнинг 16 декабрида "футбол расмийлари шаънига нисбатан нотўғри фикрлар билдиргани ва ЎФФ томонидан қабул қилинган қарорлар бўйича кенг жамоатчилик ўртасида носоғлом фикрлар вужудга келишига сабаб бўлаётганлиги учун" Футбол ассоциацияси қарори билан футболдан четлатилган эди.