ЮНЕСКО Умумжаҳон маданий мерослар комиссиясининг Баҳрайнда бўлиб ўтган 42-сессиясида Шаҳрисабз Жаҳон маданий мероси рўйхатида яна бир йилга қолдирилди.
Қарорда белгиланишича, бир йил давомида Ўзбекистон ҳукумати Шаҳрисабз тарихий марказини ЮНЕСКО Жаҳон мерослари рўйхатида қолдириш нуқтаи назаридан ишларни давом эттиради. Бу ишлар қандай амалга оширилаётганини ЮНЕСКОнинг турли комиссиялари бир йил давомида назорат қилиб боради.
2014 йилда Шаҳрисабздаги тарихий маҳаллалар бузиб ташлангани ортидан ЮНЕСКО Ўзбекистон ҳукуматига бу йўқотиш ўрнини қандай тўлдириш масаласида таклифлар киритишни илтимос қилган. Бироқ уч йил давом этган мазкур жараёнда Ўзбекистон томони фақат “косметик” таклифларни киритган. Шундан сўнг ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси маркази Шаҳрисабзни Жаҳон мероси рўйхатидан чиқариш бўйича тақдимнома киритган эди.
26 июнь куни Баҳрайн пойтахти Манамада бошланган Умумжаҳон маданий мерослар комиссияси йиғилишида Шаҳрисабз тарихий марказини умумжаҳон маданий мероси рўйхатидан ўчириш масаласи муҳокама қилина бошланган эди.
Норвегия, Австралия ва қисман Испания Шаҳрисабзни маданий мерос рўйхатидан чиқаришни қўллаб-қувватлаган. БироқУмумжаҳон мероси қўмитасидаги 15 давлат Ўзбекистонга яна бир йил вақт бериш таклифини киритган эди.
26 июнь кунги қизғин мунозаралардан сўнг бу борада қарор қабул қилиш кейинроққа қолдирилганди.