Президент Мирзиёев “Обод маҳалла” дастури тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Адлия вазирлиги Telegram каналида хабар қилинишича, фармонга мувофиқ шаҳарларда шу йил охиригача 2 тадан, 2019-2022 йиллар давомида эса камида 3 тадан маҳаллада қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бажарилади.
Вазирлар Маҳкамасига “Обод маҳалла” дастурини бажариш учун узоқ муддатли механизм ва манбаларни аниқлаб, ижросини таъминлашга қаратилган қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси берилди.
Фармонда айтилишича, асосий эътибор, "кўп хонадонли ва якка тартибдаги уй-жойларни таъмирлаш ва уларга туташган ҳудудларни ободонлаштириш, пиёдалар йўлаклари, ирригация ва суғориш тизимлари ҳамда чиқинди йиғиш майдончаларини барпо этиш"га қаратилади.
Фармонда шунингдек, ободонлаштириш учун маблағни “Обод маҳалла” жамғармасида йиғиш, бу дастурдаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари учун эса ишсиз аҳолини 6 ойлик муддатгача жалб қилиш белгиланган.
"Бунда биринчи ойлик иш ҳақи иш бошлаган кунида олдиндан 50 фоизи аванс сифатида тўлаб берилади", дейилади фармонда.