Ўзбекистон Бош прокуратураси марҳум президент Ислом Каримовнинг қизи - шу кунда ҳибсда сақланаётган Гулнора Каримовага тегишли пулларни қайтариш бўйича ҳамкорлик бораётганини тасдиқлади.
Podrobno.uz нашрига маълумот берган Бош прокуратура матбуот котиби Сурайё Раҳмонова Швейцария прокуратураси билан музокаралар ҳали якунланмаганини билдирган.
"Бу масала ҳозирча Швейцария прокуратура органлари билан ҳамкорлик асосида ечилмоқда. Масала ҳал бўлиши билан, албатта, расмий баёнот берамиз", дея иқтибос келтирди матбуот котибидан Интернет нашри.
2017 йилнинг 28 июль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова ишига оид тафсилотларни жамоатчиликка очиқлаган.
Унга кўра¸ Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан Г.Каримова айбланаётган жиноятларни содир этишда айбдор, деб топилган ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Расмий баëнотда айтилишича¸ "Г.Каримовага нисбатан уюшган жиноий гуруҳга қўйидаги жиноятларни содир этишга кўмаклашиш ҳолатлари бўйича алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда".
"Ушбу ҳолатлар бўйича Г.Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168, 178, 182, 189, 228 ва 243-моддалари билан айблов эълон қилинган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган".
Шунингдек, Озодлик 21 июнь куни швейцариялик уч адвокатнинг Гулнора Каримова билан 21-22 июнь кунлари бевосита учрашуви ҳақида хабар қилган.
Швейцариядаги банкларда Г. Каримовага тегишли, дея музлатиб қўйилган маблағ миқдори қарийб 810 миллион АҚШ долларига тенг экани айтилади. 18 июнь куни Швейцария матбуоти прокуратура бу маблағнинг 686.7 миллионини тезликда Тошкентга қайтаришни сўраб, ордер берганини хабар қилган.
Бу пулни Тошкентга қайтариш масаласи принципда қарийб ижобий ҳал бўлгани ҳақида Озодлик 4 июнь куни хабар қилган эди.