Санкт-Петербург метросида 2017 йилнинг 3 апрелида амалга оширилган портлашларни содир этганликда гумонланиб қўлга олинган 11 нафар ўзбек янги айбловга асосан “Таҳвид вал Жиҳод катибаси”га аъзо бўлганликда гумонланмоқда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Москва судида метродаги портлашни уюштирганликда гумонланган ўзбекларга янги айблов билдирилди
Москва шаҳар суди 2017 йилнинг 3 апрелида Санкт-Петербург метросида портлашларни содир этганликда гумонланиб қўлга олинган ўзбекларга янги айблов билдирди.
Янги айбловга асосан портлашга алоқдор эканликда гумонланиб қўлга олинган 11 нафар ўзбек “Таҳвид вал Жиҳод катибаси”га аъзо бўлгани иддао қилинмоқда. Бунга қадар улар фақат террорчилик ва ноқонуний қурол савдосида айбланаётган эди.
2017 йилнинг 3 апрелида Петербург метросидаги портлашни келиб чиқиши Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан бўлган Россия фуқароси, 22 ёшли “худкуш Акбаржон Жалилов содир этгани” иддао қилинган эди. Бу ишга алоқадорликда айбланиб, миллати ўзбек бўлган жами 11 одам қамоққа олинган.
Портлаш оқибатида 16 одам ҳалок бўлган, юздан ортиқ одам жароҳатланган.
Орадан бир йил ўтган бўлса ҳам бирорта гуруҳ расман мазкур ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган эмас.
Бироқ негадир Россия ва Қирғизистон матбуоти бирорта гуруҳ расман мазкур ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олмаганини ўз хабарларида эслатишдан тийиладилар.
“Таҳвид вал Жиҳод катибаси” ва Абу Салоҳ
Айни пайтда Россия Тергов қўмитаси Петербург метросидаги портлаш буюртмачиси “Таҳвид вал Жиҳод катибаси” лидери, келиб чиқиши қирғизистонлик бўлган ва Абу Салоҳ лақаби билан танилган Сирожиддин Мухторов эканини айтмоқда.
Қирғизистон кучишлатар тузилмалари 28 ёшдаги Сирожиддин Мухторов Ўш вилояти Қорасув туманидаги Қашқарқишлоқда яшаганини тасдиқлайдилар.
Сирожиддин Мухторов қўмондонлик қилаётган “Таҳвид вал Жиҳод катибаси” 2017 йилнинг 17 мартида Ўш шаҳар суди қарори билан Қирғизистонда фаолияти тақиқланган экстремистик гуруҳ сифатида рўйхатга олинган.
Ўш вилоят милицияси расмийси Жениш Аширбаев Абу Салоҳ Қирғизистонни 2013 йилда тарк этганини билдирди:
- У Марказий Осиёдан Сурияга борган туркийларнинг лидери сифатида танилган. У жума намозларида диний нуқтаи назардан тўғри бўлмаган ғояларни, Қирғизистонда тақиқланган террор ташкилотларининг мафкурасини тарғиб қилгани ортидан диндорларнинг қаттиқ қаршилигига учраши ортидан Қирғизистонни тарк этган,- деди Жениш Аширбаев.
Абу Салоҳга қўйилаётган бошқа айбловлар
Ўш вилоят милицияси расмийси Жениш Аширбаев Қашқарқишлоқда 2015 йилда “Аҳмадий” оқимига мансуб бир фуқаронинг ўлдирилиши ҳолатини ҳам эслаб ўтди. Унинг айтишича, Ўш милициясида мавжуд маълумотларга кўра, бу фуқарони ўлдириш тўғрисида шахсан Сирожиддин Мухторов кўрсатма берган.
Миллий хавфсизлик қўмитаси 2016 йилнинг 30 августида Бишкекдаги Хитой элчихонасига қилинган ҳужум Сирожиддин Мухторов буйруғи асосида амалга оширилган, деб билдирган.
2016 йилнинг 30 августида ҳудкуш “Мицубиси Делика” автомашинасида эрталаб 9дан 40 минут ўтганда ўзини Бишкекнинг Хитойдаги элчихонаси олдида портлатиб юборган эди. Портлаш оқибатида уч нафар қирғизистонлик ярадор бўлган, элчихона биноси ва атрофдаги уйларгага зарар етказилган.
2017 йилнинг сентябрида Миллий хавфсизлик қўмитаси Сирожиддин Мухторов буйруғи билан Қирғизистонда террор уюштирмоқчи бўлган шахс қўлга олингани тўғрисида маълумот тарқатган.
Сирожиддин оддий деҳқон оиласидан
Ўш вилояти Қорасув тумани Қашқарқишлоқ қишлоқ ҳукумати раиси ўринбосари Матазим Абдилдаев Сирожиддин Мухторов оддий деҳқон оиласида туғилиб ўсганини айтди.
Унга кўра, бугунги кунда унинг ота-онаси, қариндошлари ва қўни-қўшнилари маънавий жиҳатдан жуда қийин вазиятда қолган.
-Биз унинг маҳалласида тушунтириш ишларини олиб борганмиз.Ўшанда унинг яқинлари, қўни-қўшнилар бизга “Тушунтириш ишларини олиб боришни ҳам тўхтатинглар, шундоқ ҳам эл-юрт олдида шарманда бўлдик, бош кўтариб юролмай қолдик”, деб айтишди. Сирожиддин Мухторов оддий деҳқон оиласининг фарзанди, - деди Матазим Абдилдаев.
Озодлик радиоси Сирожиддин Мухторовнинг оила аъзоларидан маълумот олишга муваффақ бўлмади. Бироқ Абу Салоҳ тарихини ўрганган Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири Санжар Эралиевнинг айтишича, Сирожиддин Мухторовни яқиндан билган одамларнинг айримлари “Сирожиддин радикал гуруҳлар тузоғига тушиб қолган бўлиши эҳтимол, бироқ кучишлатар тузилмалар тафсилотларни тўлиқ ўрганмай, уни ёмонотлиқ қилаётган бўлишлари ҳам мумкин”, деган фикрдалар.
“Таҳвид вал Жиҳод катибаси”
“Таҳвид вал Жиҳод катибаси” Сурияда жанг қилаётган ўзбеклардан иборат гуруҳ экани айтилади. Гуруҳ аъзоларининг аксар қисми қирғизистонлик ўзбеклар экани тахмин қилинади.
2014 йилда гуруҳ етакчиси – асли ўшлик Абу Салоҳ “Жабҳат ан-Нусра” ва бу гуруҳнинг онаси бўлган – “Ал-Қойда”га байъат берганини эълон қилганди.
Мазкур гуруҳ Сурия шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятида фаол. Ҳалқаро таҳлил марказлари, Сурия ва Ироқдан олинган хабарларга қараганда, “Таҳвид вал Жиҳод катибаси” мунтазам равишда “Жабҳат ан-Нусра” сафида туриб жанг қилади.