Уч фарзанди билан Ўзбекистонга қайтган аёл терроризмда гумонланиб ҳибсга олинди

Туркияда беш йил қочқинликда яшаб, ўтган ой охирида Истанбул шаҳридан уч фарзанди билан Тошкентга учиб борган 46 яшар аёл Тошкент аэропортида терроризмда гумонланиб ҳибсга олинган.

Бу ҳақда аёлнинг Туркияда қолган турмуш ўртоғи Озодликка маълум қилди.

Ўзини Қаҳрамон Зарипов деб таништирган ўзбек муҳожири Озодлик билан суҳбатда, 27 июнw куни Истанбулдан учиб борган рафиқаси Дилафрўз Зариповани милиция ходимлари паспорт текширувидан ўтиш чоғида қўлига кишан солишган ва аэропортдан сўроқ қилиш учун Самарқанд вилояти Каттақўрғон милиция бўлимига олиб келишган.

Диний фаолияти ортидан 2013 йилда оиласи билан Россияга қочган, 2014 йилда эса Туркияга кўчиб ўтган Зарипов на ўзи ва на рафиқасининг диний-экстремист ташкилотларга алоқаси борлигини иддао қилди.

Туркиядан қайтиб борган аёлнинг қўлга олингани хусусида Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани ИИБ навбатчиси маълумот бера олмаслигини билдирди.