Ўзбекистонда ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида "Маҳалла" қўмиталаридан маълумотнома талаб қилиш тартибини бекор қилиш таклиф қилинмоқда. Бу таклифни Адлия вазирлиги илгари сурди ва ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлади.
Gazeta.uz сайтининг ёзишича, Адлия вазирлиги ҳозирлаган ҳужжат лойиҳасида "Маҳалла" қўмиталари - фуқароларининг ўз-ўзини бошқариш органлари бериши мумкин бўлган - фуқаронинг яшаш жойи, оилавий аҳволи, фарзандлари, бандлиги, характеристикаси каби қатор ҳужжатларни қисқартириш ва давлат органларига ўтказиш кўзда тутилган.
Мавжуд қонунчиликка биноан, "Маҳалла" фуқаролар йиғинларидан маълумотнома 51 та ҳолатда талаб қилинади.
Бундан ташқари, мавжуд қонунчиликда, "Маҳалла" фуқаролик органлари тақдим қилаётган ҳужжатлардаги маълумотларнинг тўғри-нотўғрилигини текшириш ёки назорат қилиш механизми ҳам белгиланмаган.
Шу каби асосларни келтирган ҳолда, Адлия вазирлиги, қонунда кўзда тутилган 31та ҳолатда "Маҳалла"дан маълумотнома сўраш тартибини бекор қилишни таклиф қилмоқда.
Булар жумласида - турар жойдан маълумотнома; вақтинча ёки доимий ишсизлиги ҳақида маълумотнома; болалар, ёлғиз шахслар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилишига оид маълумотнома; шахс ҳақида тавсифнома, каби ҳужжатлар бор.
Муқаддам Тошкентдаги маҳаллардан бирининг фаоли, бир неча йил "Маҳалла" қўмитаси қошидаги тафтиш комиссиясига раҳбарлик қилган Абдураззоқ Содиқов: "Аслида, маълумотнома бериш тартиби - ҳокимиятнинг бу фуқаролик органини назоратида ушлаб туриш механизмига айланган", деб ҳисоблайди.
Қуйида фаол билан суҳбатни тингланг:
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Айни пайтда, Адлия вазирлиги лойиҳасида, маълумотномаларни тегишли ваколатга эга бўлган давлат органларидан олиш тартибини жорий қилиш таклиф қилинмоқда.
Жумладан, фуқароларнинг бундай маълумотномаларни олиш учун энди давлат реестри, рўйхатга олиш китоблари, архиви ва ҳоказо давлат органлариларга мурожаат қилишига тўғри келиши мумкин.
Шунингдек, янги ҳужжатда, "Маҳалла" қўмиталарининг алоҳида ҳолатлар - ўша ҳудуддаги оилаларнинг моддий аҳволи, қариндошлик даражаси ҳақидаги маълумотномалар, маълум бир шахсларга кафолат хати, тавсия каби ҳужжатларни бериш ваколатини қолдириш ҳам кўзда тутилмоқда.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши сайтида берилган маълумотга кўра, шу кунда мамлакат бўйлаб 9 мингга яқин "Маҳалла" фуқаролик йиғини ишламоқда.