Батумида дугонасининг фарзандини уриб ўлдириб қўйган ўзбекистонлик аёл полицияга таслим бўлди. Бу ҳақда “Грузия Онлайн” порталига таянган ҳолда Sputnik нашри 9 июлда хабар берди.
Хабарда айтилишича, Ботумида яшаётган ўзбекистонлик аёл тўрт ёшли қизчасини ўзбекистонлик дугонаси қарамоғига ташлаб Туркияга ишлагани кетган. Энагалик қилаётган аёл 14 июнь куни қизчани калтаклаган. Бунинг оқибатида қизча вафот этган.
Энага боланинг жасадини олиб полицияга келган ва полиция уни ҳибсга олган.
“Грузия ИИВнинг билдиришича, онанинг ёки ишончли шахснинг розилиги йўқлиги учун боланинг жасади дафн этилмай турибди.Маълумотларга кўра, боланинг онаси айни вақтда Туркияда бўлиб, Батумига қайтиш имконияти йўқ. Боланинг биологик отаси Грузияда яшайди, аммо қизчанинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида отаси ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ”, дейилади хабарда.