Ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга эълон қилинган “амнистия” 2019 йилнинг 1 майигача давом этади. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлигига таянган ҳолда “Газета уз” нашри хабар берди.
2018 йилнинг 20 апрелигача ўзбошимчалик билан қурилган уйлар мулк сифатида эътироф этилиши учун фуқаролар Давлат хизматлари марказларига ариза билан мурожаат қилишлари лозим.
Агар иморат турар жой қуриш мумкин бўлмаган майдонларда қурилган бўлса, шаҳарсозлик нормалари, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузса, ёҳуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирса, мулк сифатида эътироф этилмайди.
2018 йил 20 апрелдан сўнг ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга мулк ҳуқуқи берилмайди. Акция муддати тугагач, бундай иморатлар учун жавобгарлик кучайтирилади.
2018 йил 1 майдан президент Шавкат Мирзиёев имзолаган “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги фармон кучга кирди.
Фармонга асосан фуқаролар ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ер участкалари ёки рухсатнома олмасдан қурилган турар -жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинди.