Статистика қўмитаси: Энг кўп ойлик Тошкентда, энг ози Наманганда

Иллюстратив сурат.

Давлат статистика қўмитаси жорий йилнинг биринчи чорагида ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдорини Тошкент шаҳрида қайд этди.

Қўмитанинг билдиришича, Ўзбекистондаги ўртача иш ҳаққи устама, мукофот, рағбатлантиришлар, даромад солиғи, ижтимоий суғурта ва касаба уюшмасига тўловлар билан қўшиб ҳисобланганда 1 миллион 609 минг 100 сўмни ташкил қилган.

Пойтахтда ўртача ойлик бу кўрсаткичдан 140 фоизга кўпдир ва 2 миллион 252 минг 100 сўм миқдорида қайд этилган.

Ўртача иш ҳақининг энг кам миқдори эса Наманган вилоятида бўлиб, у 1 миллион 263 минг 300 сўм атрофидадир.

Соҳалар бўйича ҳисобланганда, энг оз иш ҳақини соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ишловчилар олдаи.

Статистика қўмитасининг ҳисоботида таъкидланишича, бу соҳа вакилларига номинал ҳисобланган иш ҳақи 1 миллион 58 минг 500 сўм. Бу ойлик 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 16,8 фоизга кўпдир, бироқ Республикадаги ўртача иш кўрсаткичидан 34,2 фоизга камдир.

Ўртача иш ҳақининг энг кўп миқдори молия ва суғурта соҳасида бўлиб, ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 3 миллион 54 минг 900 сўмни ташкил этган. Бу 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 25,4 фоизга кўпдир.