Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Туробжон Жўраев билан биргаликда қамоққа олингани айтилган ҳокимнинг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Ўткир Абдуллаев 14 июль куни ишга чиқди.
Бу ҳақда 15 июлда хабар берган “Кун уз” нашрининг ёзишича, унинг Туробжон Жўраев томонидан ташкил этилган коррупцион тизимга алоқаси йўқлиги исботланган ва ҳибсдан озод этилган. Айни вақтда Ўткир Абдуллаев ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
“Шу билан бирга, иш доирасида қўлга олинган, вилоят ҳокимлигида ишлаган бошқа амалдорлар — қурилиш бўйича мутахассис Баҳодир Хожақулов ва ҳоким ёрдамчиси Ботир Хожақулов Туробжон Жўраев каби ҳамон ҳибсда қолмоқда”, дейилади хабарда.
2017 йил 13 июнидан бери Самарқанд вилоят ҳокими лавозиимида ишлаб келган 52 яшар Туробжон Жўраев 10 июль куни қўлга олиниб, устидан жиноий иш очилгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.
13 июль куни Бош прокуратура Туробжон Жўраев коррупцион тизим яратгани ошкор бўлганлиги тўғрисида расмий хабар берган.