Москвадаги қамоқхонада бир ойдан бери очликни тўхтатмаётган 21 ёшли Маъруфжон Шакаровнинг аҳволи оғирлашди

"Матросская тишина" қамоқхонаси деразасидаги панжара.

Москвадаги “Матросская тишина” қамоқхонасида бир йилдан бери сақланаётган Ўзбекистон фуқароси Маъруфжон Шакаров ўзининг сохта айблов билан қамалганини иддао қилиб бир ойдан бери овқатланишдан бош тортмоқда. Бу ҳақда 15 июлда “Москвоский комсомолец” газетаси хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, 21 ёшли Шакаровнинг аҳволи ўта заифлашиб қолган, аранг ҳаракатланади ва гапиради.

Хабарда қайд этилишича, Маъруфжон Шакаров Тошкент авиация техникумини битиргач, Москвага фуқаро авиацияси институтига кириш ва учувчи бўлиш орзусида келган. Бироқ Москва полицияси уни ўтган йилнинг ёзида кўчада қўлга олган. Полициячилар унинг ёнидан гиёҳванд моддалар топилганини билдирганлар.

Маъруфжон Шакаров полициячилар уни камситиб, миллатчилик қилгани ортидан можаро келиб чиққанини, шунгдан сўнг полиция жиноят ишини сохталаштирганини, уни қўлга олишганидан сўнг полициячилар ўрмонга олиб бориб аёвсиз калтаклашганини айтмоқда.

Шакаров гиёҳванд модда тарқатишга уриниш моддаси асосида ўн йилга қамалган. Москва шаҳар суди унинг шикоятни апелляцион тартибда кўриб чиқиб, унинг жазо муддатини 5 йилга қисқартирган. Шакаров тўлиқ оқланмагунга қадар очликни тўхтатмасликни билдирмоқда.