Ўзбекистонда ўқитувчининг жамиятдаги мавқеини ошириш иш ҳақи миқдорини кўпайтириш, шанбаликлар, ободончилик ишлари, турли йиғилишларга ўқитувчиларни жалб қилишни тақиқлаш, имтиёзли кредитлар асосида ижтимоий уйлар ва автомашиналар бериш йўли билан амалга оширилади.
Бу ҳақда 17 июль куни президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда маълум қилинди.
Умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда президент мамлакатда ўтказилган сўровномада қатнашганларнинг 7 фоизи, ўқитувчилар орасида эса 3 фоизигина фарзанди ўқитувчи бўлишини хоҳлаганини кескин танқид қилди.
Мирзиёевнинг айтишича, Хитойда ўтказилган сўровда 55 фоиз аҳоли фарзанди ўқитувчи бўлишини истаганини билдирган.
Шундан келиб чиққан ҳолда президент ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалиётга тадбиқ этиш тўғрисида топшириқ берди.
Бундан ташқари оммавий ахборот воситалари орқали ўқутувчининг обрўсини оширишга қаратилган ижтимоий роликлар ҳам намойиш этилади.