Президент "Ўзатом" агентлигини ташкил этиш тўғрисида буйруқ берди

Ўзбекистондаги АЭСни "Росатом" барпо этиши айтилмоқда.

Атом энергетикасини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ягона давлат сиёсати ҳамда стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун “Ўзатом” агентлиги ташкил этилади. Бу борадаги қарорни президент Шавкат Мирзиёев 19 июлда имзолади.

“Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланган қарорда белгиланишича, агентлик аҳоли ва иқтисодиётининг электр энергияга ортиб бораётган эҳтиёжини қондириш, барқарор энергия таъминотини таъминлаш мақсадида яратилмоқда.

Қарорга асосан “Ўзатом” 2018 йил 20 декабргача 2019−2029 йилларда Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш концепцияси лойиҳасини, 2019 йил 1 июнгача концепцияга мувофиқ равишда атом энергетикасини ривожлантириш бўйича инвестицион лойиҳалар портфелини, 2019 йил 1 ноябргача 2019−2029 йилларда Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш давлат дастурини ҳамда концепция ва дастурни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни тайёрлаши ва тасдиқлашга киритиши лозим.

10 июлда ўтган атом электр энергетикасини барпо этиш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда қуриладиган атом электр стансиясини 2028 йилгача ишга тушириш режалаштирилгани ҳақида билдирган эди.

Марказий Осиёда ягона бўладиган мазкур атом электр станциясини Ўз0бекистонда “Росатом” барпо этиши кутилмоқда.