21 июль куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтказилган “Тошкент шаҳрини ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш”га бағишланган “очиқ эшиклар” кунини очар экан, kun.uzга кўра, шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бундай деган:
“Сафимизга борган сари янги тадбиркорлар ва инвесторлар қўшилмоқда. Мақсадимиз битта - шаҳарни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш. Анча йиллар, деярли, 25 йил давомида ухлаб қолган мамлакатни уйғотиш.
Ҳокимлик жамоаси ҳаммага ёрдам беради. Ҳеч қандай коррупциясиз. Фақат бир илтимос - лойиҳангизни виждонан бажаринг. Мавжуд биноларни бузилишга тушириб, қуришни режалаштирманг. Бизнинг бир шиоримиз бор - сизлар билан ишлаш жараёнида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш”, - деган Ортиқхўжаев.
Тадбирда 100дан ортиқ тадбиркор ва инвесторлар қатнашмоқда. Тошкент шаҳар ҳокими ҳар бир тадбиркор ва инвестор билан шахсан суҳбатлашмоқда. Уларнинг лойиҳалари билан танишмоқда.
26 апрель куни Тошкент шаҳрига олти йил давомида ҳокимлик қилган Раҳмонбек Усмонов бошқа ишга ўтказилган ва унинг ўрнига Жаҳонгир Ортиқхўжаев тайинланган эди.
43 яшар Жаҳонгир Обидович Ортиқхўжаев (Артикходжаев Жахонгир Абидович) – ҳокимликка тайинлангунга қадар Tashkent City давлат унитар корхонаси директори¸ айни пайтда¸ «Артел Инжиниринг» (Artel Engineering) масъулияти чекланган жамияти директори бўлиб ишлаган; Ўзбекистон алюминий ва пластик эшик-ойналар бозоридаги асосий ўйинчи ҳисобланган Акфа гуруҳи эгасидир.