Афғонистон вице-президенти Абдулрашид Дўстум Туркиядаги бир йилдан кўпроқ қочқинликда юрганидан сўнг мамлакат пойтахти Кобулга қайтиши биланоқ аэропортда портлаш содир бўлди.
Агентликларнинг билдиришларича, вице-президент кортежи йўлга чиққанда худкуш аэропорт олдида тўпланиб турган Дўстум тарафдорлари олдида ўзини портлатган.
22 июль куни содир этилган мазкур террорда камида 14 киши ҳалок бўлгани, камида 50 киши жароҳатлангани айтилмоқда. Ҳалок бўлганлар ва яраланганлар Дўстум тарафдорлари ва хавфсизлик кучлари ходимларидир.
Ҳужум оқибатида Дўстумга ҳеч қандай зарар етамаган. Ҳужум учун масъулиятни “Ислом давлати” гуруҳи ўз зиммасига олди.
Дўстум 2017 йили ўз сиёсий рақибларини ўғирлаш ва қийноққа тутишда гумон қилингач, мамлакатдан чиқиб кетганди.
63 ёшли генерал, ўзбеклар сардори, вице-президент Абдулрашид Дўстум биринчи марта 2017 йилнинг18 июлида ватанига қайтишга ҳаракат қилган, лекин унинг шахсий самолёти Мозори Шарифга қўниш учун рухсат олмагани ортидан Туркияга қайтиб кетган эди.