Самарқанддаги махсус мактаб ўқувчиларининг калтакланишига оид маълумотлар текширилмоқда

Иллюстратив сурат.

Иллюстратив сурат.

Бош прокуратура ва Халқ таълими вазирлиги Самарқанддаги 64-ихтисослашган мактабдаги вазиятни ўрганмоқда. Бу ҳақда “Газета.uz ” Бош прокуратура ва Халқ таълими вазирлигига таянган ҳолда 23 июлда маълум қилди.

Аввалроқ мазкур мактаб тарбияланувчиларидан бирининг онаси Муҳаббат Мирзаева “Газета.uz ” нашрига махсус мактаб раҳбарияти тизимли равишда болаларни калтаклаб, уларга жисмоний ва руҳий босим ўтказгани, дарс ва машғулотларни ўтказмасдан, уларни оғир жисмоний меҳнатга жалб қилиб келгани, ёмон овқатлантиргани ва тез-тез оч қолдирганини маълум қилган эди.

“Айни пайтда вазият Бош прокуратура ва Самарқанд вилоят прокуратураси раҳбариятининг шахсий назоратига олинган, ўрганишлар бошланган. Муҳаббат Мирзаева Бош прокуратурага ташриф буюрган, унга режалаштирилаётган ҳаракатлар бўйича маълумот берилган”, дейилади хабарда.

Халқ таълими вазирлиги эса вазиятни жойида ўрганиш учун вазирлик ва ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳини шакллантирди.