Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида 52 нафар ўзбекистонлик йўловчининг автобусда ёниб кетишида айбланаётганларга нисбатан дастлабки суд мажлиси бошланди.
“Казинформ” агентлигигинг билдиришича, 24 июль куни эрталаб соат 10да Ирғиз туман судига айбланувчилар Максат Пернебеков, Нуржан Қирғизбоев, Барат Танатов, Тилепбаев ва Пардебаевлар олиб келинди. Уларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши 9 июлда судга ўтказиб берилган эди.
Агентлик Ирғиз туман судига таянган ҳолда маҳкаманинг асосий мажлиси 7 августда бўлиб ўтишини маълум қилди.
Айбланаётган 5 кишидан уч нафари ёниб кетган автобус ҳайдовчиси, икки нафари “Азия транзит сервис” корхонаси таъсисчиси ва механигидир.
Улар транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидалари, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик оқибатида икки ёки ундан кўпроқ кишининг ўлимига сабаб бўлганликда айбланмоқда.
Ақтўбў вилоят суди 14 июлда суд жараёни 20 июль куни бошланишини маълум қилган эди.
Шу йилнинг 18 январь куни Самара-Чимкент автойўлининг Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидан ўтадиган қисмида автобусда кетаётган 52 нафар Ўзбекистон фуқароси тириклайин ёниб кетган эди.
Ёнаётган автобусдан фақат уч киши –автобус ҳайдовчилари қочиб чиқишга улгурган.