Грециядаги ўрмон ёнғинларида камида 74 киши ҳалок бўлди

Грецияда ўрмон ёнғинлари 23 июлда бошланди.

Греция пойтахти Афина яқинидаги ўрмонларга ўт кетгани оқибатида камида 74 одам ҳалок бўлди. Греция Бош вазири Алексис Ципрас 24 июлда телевидения орқали ҳалок бўлганларнинг яқинларига таъзия билдирди.

-Бугун Греция йиғламоқда. Ҳалок бўлганларнинг хотирасига уч кунлик миллий мотам эълон қиламан. Бироқ бу мотам бизни янчиб ташлашига йўл бермаслигимиз лозим, чунки бу курашиш, бирлашиш ва биродарлашув вақтидир, - деди Ципрас.

24 июль куни қутқарувчилар ёнғин ҳудудида бўлган қишлоқда асосан ёшлардан иборат 26 одам жасадини топган.

Афинадан 30 километр узоқликдаги Мати минтақасида 23 июлда бошланган ёнғин сўнгги ўн йилдаги ўрмон ёнғинлари орасида энг ҳалокатлиси бўлгани айтилмоқда. Ўт ўчирувчиларга кўра, ҳалок бўлганлардан ташқари юздан ортиқ одам яраланган, мингдан ортиқ уй ёниб кетган.

Грецияда бундан аввал 2017 йилнинг августида Пелопоннес ярим оролидаги ўрмонлар ёнган ва ўнлаб одам ҳалок бўлганди.