Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси қатор вилоят ва туманларда масжид имомларининг ишдан олиниши сабабларини очиқлади.
“Айни кунларда интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар ва расмий хатлар орқали айрим имом-хатибларнинг ишдан бўшаш сабабларини сўраб Ўзбекистон мусулмонлари идорасига кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Шу кабиларни инобатга олган ҳолда қуйидагиларни маълум қиламиз”, деб бошланувчи расмий хабарда айтилишича, Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Мўминжон домла Усмонов қатор камчиликлар ортидан ишдан олинган.
Сирдарё вилоятида диний маълумотга эга бўлмаган 3 нафар киши имомлик қилаётгани, 4 та масжидда имом-хатиб вазифаси вакантлиги, ФҲДЁ органидан рўйхатдан ўтмаган шахсларга никоҳ ўқиш кузатилгани, ажримлар сони ортгани ва айрим имомлар намозхонларга қўпол муомалада бўлаётгани аниқланган.
Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби Одилхон қори Исмоилов масжид тартиб-интизомига риоя этмагани, кундалик намозларда мунтазам бўлмагани, тасдиқланмаган хабарларни интернет орқали тарқатиш каби нуқсонлар ҳамда беморлиги важидан вазифани уддалай олмаётгани сабабли ишдан олинди.
“Фарғона вилояти Фарғона тумани бош имом-хатиби Ашуров Ҳасанбой ҳам топшириқларни пайсалга солиши, итоатсизлиги ва муомала маданияти имомликка нолойиқ бўлгани учун ишдан кетди. Шунингдек, Самарқанд туманидаги “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби Пўлатов Абдураҳим каби имом-хатиблар ҳам мана шундай хато-камчиликлар туфайли улар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди”, дейилади хабарда.