Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтказилган "Очиқ эшиклар куни"да 5 ойдан кейин пойтахтда янги "Самовий шаҳар" қурилишини бошлаш режаланаётгани маълум бўлди.
Ҳокимият матбуот хизмати берган хабарга кўра, Тошкент ҳокими вазифасини бажараётган Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўтказган тадбирда умумий қиймати 591 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 62 та инвестициявий лойиҳа тақдим қилинган. Бу сармоянинг 173 миллион доллари хорижлик инвесторларга тегишли экани айтилмоқда.
62 лойиҳа орасида, ҳокимият муваффақиятли, деб баҳолаётган бири - SF Global ширкати қуришни таклиф қилган Sky city - “Самовий шаҳар” бинолар мажмуидир.
Мажмуа 30-40 қаватлик 12 та бинодан иборат бўлиб, "улардан бири меҳмонхона, 5 таси – офислар ва 6 таси турар жой бинолари бўлади". Айтилишича, бу лойиҳага 500 миллион долларлик сармоя ётқизиш режаланган.
Ҳозирча, "Самовий шаҳар" Тошкентнинг қайси туманида қурилиши маълум қилинмади.
Хабарда айтилишича, қурилиш ишлари "5 ойдан кейин – участка тўлиқ тасдиқланганидан кейин" бошланади.