28 июль куни Россияда минглаб одам пенсия ёши кўтарилишига қарши намойишга чиқди.
Намойишлар июнь ойида Россия ҳукумати пенсия ёшини ошириш кўзда тутилган қонунни қабул қилганидан бери ўтказилган энг йирик намойиш бўлди.
Янги қонун лойиҳасида пенсия ёшини эркаклар учун 60 дан 65 га, аёллар ёшини эса 55 дан 63 гача кўтаришни таклиф қилинган.
Ҳукумат расмийлари бир неча йилдан бери Россия демографияси, ишчи кучи ҳамда бюджети аҳволидан келиб чиқиб, пенсия ёшини кўтариш кераклигини айтиб келади. Ниҳоят, ўтган ойда, футбол бўйича Жаҳон чемпионати арафасида пенсия ёши оширилиши эълон қилинди. Аммо расмийларнинг бу режаси россияликлар ғазабини келтирди.
Пенсия ёшини ошириш 2019 йилда бошланади ва қадамма-қадам амалга оширилади.
Россияда умр узунлиги нисбатан қисқа бўлиб, россияликлар ривожланган давлатларга солиштирганда анча эрта нафақага чиқади.