Қашқадарё вилоятида милициянинг 11 раҳбар ходими ишдан бўшатилди

Ўзбек милиционерлари.

Қашқадарё вилоятида милициянинг 11 нафар раҳбар ходими лавозимидан озод этилди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг бу борада тарқатилган расмий маълумотида айтилишича, раҳбарлар хизмат вазифасига лоқайдлик ва сусткашлик билан муносабатда бўлгани, хизматни самарали ташкил этиш чораларини кўрмаганлиги, қўл остидаги ходимлар фаолиятини талаб даражасида назорат қилмагани оқибатида шахсий таркиб ўртасида тартиб-интизом сусайиб кетишига сабабчи бўлганлиги учун ишдан бўшатилган.

Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳ 23-26 июль кунлари Қашқадарё вилоятида ички ишлар органлари фаолияти билан яқиндан танишган. Текшриувлар ортидан Қарши тумани ИИБ бошлиғи Ж.Ражабов, Муборак тумани ИИБ бошлиғи С.Шарипов лавозимидан бўшатилган.

“Шунингдек, Косон ва Қарши туманлари ИИБ бошлиқларининг ўринбосарлари Н.Қаршиев ва А.Аминов, Шаҳрисабз, Ғузор ва Дехқонобод туманлари ИИБ бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари Қ.Тошмуродов, А.Алиев ва Н.Бозаров, Муборак ва Чироқчи туманлари ИИБ бошлиқларининг кадрлар бўйича ўринбосарлари Т.Бахромов ва Ж.Муродов, вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Ф.Миршатов ҳамда Қамаши тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими бошлиғи Х.Ризакулов ишдан бўшатилди”, дейилади расмий хабарда.​