Тошкент шаҳридаги 11 тумандан 8тасида масъуллар президентнинг ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга эълон қилинган “амнистия” тўғрисидаги фармонини бажаришга шошилмаяпти. Бу ҳақда “Кун уз” нашри 31 июль куни хабар берди.
Хабарда айтилишича, “фақатгина, Тошкент шаҳрида 2018 йил 27 июль ҳолатига қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган якка тартибдаги уй-жойига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш учун Давлат хизматлари марказларига фуқаролардан 800га яқин аризалар келиб тушган”.
Бироқ Тошкент шаҳри Бектемир, Миробод, Олмазор, Сергели, Чилонзор, Юнусобод Яккасарой ва Яшнобод туман ҳокимликлари томонидан ҳанузгача Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман комиссиялари иши ташкил этилмаган
Бундай комиссияларни ташкил этиш ва “уй- жой амнистиясини” бошлаш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг 461-сон қарори 2018 йил 21 июнда имзоланган эди.
2018 йил 1 майдан президент Шавкат Мирзиёев имзолаган “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги фармон кучга кирган эди.
Фармонга асосан 2019 йилнинг 1 майигача фуқаролар ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ер участкалари ёки рухсатнома олмасдан қурилган турар -жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинган.