Қозоғистоннинг Ақтўбў вилояти Ирғиз туман суди автобусда 52 нафар ўзбекистонликнинг ёниб кетишида айбланаётган 5 шахсга нисбатан суд жараёнини номаълум муддатга қолдирди. Бу ҳақда Ақтўбе вилоят судига таянган ҳолда "Новости" агентлиги 8 августда маълум қилди.
Вилоят суди расмийларига кўра, айбланувчиларнинг ҳимоячилари Ирғиз туманида адвокатлар яшашига шароит мавжуд эмаслигини ҳисобга олиб, жараённи Ақтўбў шаҳар судига кўчиришни талаб қилганлар. Шунинг учун бу масалада қарор қабул қилингунга қадар суд жараёни тўхтатилиб турилади.
Суднинг биринчи мажлиси 24 июль куни ўтказилган эди. Ўшанда айбланувчилар Максат Пернебеков, Нуржан Қирғизбоев, Барат Танатов, Тилепбаев ва Пардебаевларга нисбатан асосий суд жараёни 7 августда бошланиши аниқ бўлганди. Уларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши 9 июлда судга ўтказиб берилган эди.
Айбланаётган 5 кишидан уч нафари ёниб кетган автобус ҳайдовчиси, икки нафари “Азия транзит сервис” корхонаси таъсисчиси ва механигидир.
Шу йилнинг 18 январь куни Самара-Чимкент автойўлининг Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидан ўтадиган қисмида автобусда кетаётган 52 нафар Ўзбекистон фуқароси тириклайин ёниб кетган эди.
Ёнаётган автобусдан фақат уч киши –автобус ҳайдовчилари қочиб чиқишга улгурган.