Москва вилоят суди "ГТА тўдаси"нинг тўрт аъзосига бир умрлик қамоқ жазоси берди

Москва вилоят суди Москва шаҳри ва вилояти ҳамда Калуга вилоятлари кўчаларида ҳайдовчиларни ўлдирган "ГТА тўдаси" номи билан танилган қуролли гуруҳнинг тўрт аъзосини бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этди. Тўданинг яна бир аъзоси эса 20 йилга қаттиқ тартибдаги колонияга юборилади.

Бешшовлон 2012-2014 йиллар оралиғида 17та қотиллик, 2 та қотилликка уриниш, қароқчилик, ўмарувчилик, қуролларни ноқонуний тайёрлаш ва сақлаш ҳамда ҳужжатларни ўғирлашда айбдор деб топилди.

Тергов хулосасига кўра, жиноятчилар "уюшган тўданинг лойиқ аъзоси эканини исботлаш учун одамларни ўлдирган.

Суд пайтида айбланувчилар қотилликларга шерик бўлганликлари, аммо қотилликни содир этмаганликларини таъкидлашган.

"ГТА тўдаси" иши юзасидан Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон ватандошлари жавобгарликка тортилганини маълум қилган.

"ГТА тўдаси" иши юзасидан Ҳазратхон Додохонов, Ҳолиқ Субҳонов, Анвар Улуғмуродов, Фазлиддин Ҳасанов, Шерзоджон Қодиров, Мирзомавлон Мирзошарипов, Абдумуқим Мамажонов, Умар Ҳасанов ва Зафаржон Ғуломовлар жавобгарликка тортилган.

Ушбу гуруҳни, терговчиларга кўра, 2012 йилда қирғизистонлик Убайдулло Субҳонов ташкил қилган.

Субҳонов 2014 йилнинг ноябрида махсус амалиёт пайтида полициячилар томонидан отиб ўлдирилган эди.

Терговчиларга кўра, жиноий гуруҳ аъзолари автомобил йўлга симтикан тортиб, баллони тешилиб тўхтаган машинадаги йўловчиларни автоматик қуролдан отиб ташлаганликда ва сўнгра уларнинг қимматбаҳо буюмларини олишган.

Тергов маълумотига кўра, тўданинг камида 15 нафар аъзоси бўлган.

Ўтган йил ​Москва вилоят судида "ГТА тўдаси" иши юзасидан кўрилаётган маҳкама жараёнида тўданинг тўрт аъзоси отиб ўлдирилган эди.

Россия Тергов қўмитасига кўра, айбланувчилар лифтда соқчиларга ташланиб, уларнинг қуролини тортиб олмоқчи бўлган.

Россиялик терговчилар "ГТА тўдаси"нинг Ўзбекистон Исломий ҳаракатига алоқадорлигини ўрганаётгани тўғрисида Озодлик олдин хабар берганди.