Россия миллиардерлари бир кунда 3 миллиард доллардан кўпроқ пул йўқотди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар берди.
Хабарда айтилишича, бу воқеа Россия президентининг иқтисодиёт бўйича маслаҳатчиси Андрей Белоусов мамлакатдаги йирик металлургия ва тоғ-кон ширкатларига солиқни кўпайтириш ва шу йўл билан президент Путин май ойида эълон қилган лойиҳаларни амалга ошириш учун 500 миллиард рубль маблағ йиғишни таклиф қилгани ортидан юз берган.
Белоусов президентга мактубида кўпроқ солиқ тўлаши мумкин бўлган 14 ширкат рўйхатини келтирган. Оқибатда бу ширкатлар акцияларининг нархи тушиб кетди, инвесторлар эса айрим ширкатлар билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан бош тортди.
Bloomberg Billionaires рейтингида қайд этилишича, бу жараëнда энг кўп пўл йўқотган миллиардер Новолипецк металлургия комбинати хўжайини Владимир Лисин бўлган. У бир кунда бойлигининг 4 фоизи - 832 миллион доллардан айрилган.
Энг кўп пул йўқотганлар рўйхатининг иккинчи поғонасида 446 миллион доллардан ажралган Магнитогорск металлургия комбинати хўжайини Виктор Рашников, учинчи ўринда 444 миллион доллар йўқотган Северсталь ширкати раҳбари Алексей Мордашов қайд этилди.
Шунингдек, Геннадий Тимченко, Алишер Усмонов, Роман Абрамович ва Владимир Потанин ҳам сезиларли даражада зарар кўрган.
РБКнинг билдиришича, Путин Белоусовнинг таклифига рози эканини билдирган. Бироқ Путин матбуот котиби Песков бу хабарни рад этди.