Бош вазир ҳашар мажбурий меҳнатга тенглаштирилаётганига қарши эканини билдирди

Бош вазир Абдулла Арипов.

"Газета.uz" нашрининг хабар беришича, бош вазир Абдулла Арипов 14 август куни ўтган видеосектор йиғилишида ҳашарни мажбурий меҳнатга тенглаштирмаслик керак, деб билдирган.

Аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси август ойини ободонлаштириш ойи деб эълон қилгани ва бунинг ортидан 18-19 август кунлари республика ҳудудида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилиши эълон қилинган эди.

Мазкур ҳашардан тушган маблағлар ва бир кунлик иш ҳақлари “Маҳалла” хайрия жамғармасига ўтказилиши ҳақида кўрсатма берилган.

Бош вазирга кўра, бундай ҳашарларни ўтказишдан мақсад фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг экологик маданиятини оширишдан иборат.

«Улар шаҳарни тозалаш билан шуғуллансин, демоқчи эмасман… Европада, масалан ёш болалар кичкиналигидан ифлослантирмаслик кераклиги, табиатни асраш лозимлигини англаб етишлари учун чиқарилади. Фуқароларимизни ҳам шундай ғоялар билан ҳашарга жалб қилиш керак», — деган бош вазир.

Абдулла Арипов ҳашар ўтказилаётган жойларни тасвирга олиб, буни мажбурий меҳнатга тенглаштирувчи "мухолиф нашрлар"ни танқид қилди, дейилади хабарда.