Бош прокуратура "асоссиз қамалгани"ни тан олган имомнинг иши қайта кўриб чиқилади

Олий суд 16 август куни имом Ҳикматулла қори Юсуповга нисбатан жиноят ишини назорат босқичида кўриб чиқди ҳамда ишни янгидан кассация тартибида кўриш учун жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига юборди.

Kun.uz нашрининг билдиришича, судда адвокатлар имомга нисбатан барча суд қарорларини бекор қилиб, Юсуповни оқлашни илтимос қилган.

Прокурор эса Бош прокуратура протестини қувватлаб, суд Ҳикматулла Юсуповга нисбатан айблов ҳукми чиқаришда қонун талабларини бузганини таъкидлади.

Прокурорга кўра, жиноят ишида Юсуповнинг айбини тасдиқловчи бирорта далил мавжуд эмас.

Хоразмлик имом Ҳикматулла қори Юсуповга чиқарилган барча суд қарорларини бекор қилиш юзасидан Бош прокуратура Олий судга август ойи бошларида назорат тартибида мурожаат қилган эди.

Юсупов 2016 йил 25 январда суд ҳукми билан гиёҳванд моддаларга алоқдадорликда айбдор деб топилиб 13 йилга қамалган эди. Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2017 йил 14 февраль кунги ажрими билан суд ҳукмини ўзгариш қолдирилганди.

Имомнинг рафиқаси Меҳрибон Раҳматуллаеванинг мурожаатлари ортидан бу иш қайта кўрилиб, Ҳикматулла қорига нисбатан чиқарилган суд қарорлари асоссиз деб топилган. Текширувларда Ҳикматулла Юсуповга сохта гувоҳ ва далиллар билан жазо тайинлангани аниқланган.