Осиё ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси биринчи олтин медални қўлга киритди.
Расмий маълумотда айтилишича. 74 кило вазн тоифасидаги эркин курашчи Бекзод Абдураҳмонов қозоғистонлик Данияр Кайсановга қарши беллашди ва 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, олтин медални қўлга киритди.
Эркин курашчи Бекзод Абдураҳмонов бу билан икки карра Осиё ўйинлари ғолибига айланди. У 2014 йили Инчхонда ўтказилган Осиё ўйинларида ҳам Ўзбекистон жамоасига илк олтин медални олиб келганди.
Бундан аввалроқ 65 кило вазн тоифасида иштирок этаётган эркин курашчи Сирожиддин Ҳасанов монголиялик Батмагнаи Батчулуунни мағлубиятга учратиб, бронза медалга сазовор бўлган.
Сирожиддин Ҳасановнинг бронзаси Ўзбекистон спорт делегацияси Осиё ўйинларида қўлга киритган илк медал бўлди.
XVIII Осиё ўйинларига Индонезия пойтахти Жакарта ҳамда Суматра оролидаги йирик шаҳарлардан бири Палембанг мезбонлик қилмоқда.
18 августдан 2 сентябргача давом этадиган ўйинларда 45 мамлакатдан жами 9 704 нафар спортчи 42 та спорт тури бўйича 476 та медал учун курашади.