Ўзбек ва тожик чегарачилари биринчи марта тактик ўқув машғулоти ўтказди

Чегарада ўзбек чегарачилари.

Ўзбекистон ва Тожикистон чегарачилари ўртасида 18 август куни биринчи марта махсус ҳарбий тактик ҳарбий ўқув машғулоти ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Фейсбук саҳифасида маълум қилинди.

“Мазкур ўқув машғулоти ҳар икки давлат тарихида илк бор ўтказилди. Унда ҳарбий хизматчилар қуролланган шартли душманнинг ҳужумини биргаликда бартараф этишди”, дейилади хабарда.

«Газета уз» нашрининг хабар беришича, ўқув машғулоти 18 август куни эрталабки 7:00 да бошланди.

Машғулот сценарийсига асосан, «жангарилар» гуруҳи чегарани бузиб ўтиб, Амударё орқали Ўзбекистон томон ҳаракатланди. Яна бир гуруҳ «террорчилар» эса дарёни кечиб ўтиб, Тожикистон ҳудудига кириб борди.

Шартли душман аниқланганидан сўнг ҳар икки давлат чегарачилари тезликда ўзаро алоқа ўрнатишди. Чегарачилар яширин тарзда қуролланган гуруҳни кузатиб бориб, қарама-қарши томондан жангга киришди.

«Ўқув машғулотларига дронлар, зирҳли техникалар, жанговар катерлар, шунингдек, ҳаво кучлари ҳам жалб этилди», дейилади хабарда.