Россия қамоғида сақланаётган украин режиссёри очлик акциясини бошлаганига 100 кун тўлди

RUSSIA -- Jailed Ukrainian film director Oleh Sentsov poses for a picture at his cell in the 'White Bear' penal colony No. 8 in Labytnangi, August 9, 2018

Россияда терроризмда айбланиб озодликдан маҳрум қилинган украин режиссери Олеҳ Сенцов очлик эълон қилганига 100 кун тўлди. Сенцов ўз акциясини Россия қамоқхоналарида сақланаётган барча сиёсий маҳбусларни озод қилиш талаби билан бошлаган.

Бугун Россия ва украинанинг бир неча шаҳрида Сенцов билан ҳамдардлик акциялари ўтказилади. Чехиялик киночилар 21 август куни Олеҳ Сенцовни қўллаб очлик акциялари “занжир”ини бошлаши тўғрисида баёнот берди.

Сенцов май ойи ўртасида ўзи сиёсий маҳбус деб ҳисобловчи 64 украин фуқароси озод қилинишини талаб қилиб, очлик эълон қилган.

2015 йилда Россия суди ашаддий Кремль танқидчиси Сенцовни террорчиликда айблаб, 20 йилга озодликдан маҳрум қилган. Сенцовни суд Қрим Россия томонидан аннексия қилинганидан сўнг ярим оролда террор ҳужуми уюштиришга уринганликда айбдор деб топган.

42 ёшли Сенцов ўзига қўйилган айбловларни рад этиб келади.

15 августда Кремль украин режиссёри Олеҳ Сенцовнинг онаси илтимосини рад этди. Россия қамоқхонасида деярли уч ойдан буён очлик акциясини ўтказиб келаётган Сенцовнинг онаси 13 июлда Россия расмийларидан ўғлини афв этиб, озодликка чиқаришни сўраган эди.