Ўзбек ҳарбийлари ШҲТ ҳарбий ўқув машғулотларида кузатувчи сифатида иштирок этмоқда

Ўзбекистон аскарлари.

Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 22 августда бошланадиган “Тинчлик миссияси-2018” ҳарбий машғулотларида кузатувчи сифатида иштирок этади. Бу ҳақда ахборот агентликларига Россия Қуролли кучлари Марказий ҳарбий округи қўмондони, генерал-лейтенант Александр Лапин маълум қилди.

Ҳарбий ўқув машғулотлари Челябинск вилоятидаги Чебаркул полигонида 29 августгача давом этади.

Аввалроқ машғулотларда Қирғизистон, Қозоғистон,Тожикистон, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Покистон ва Ўзбекистоннинг уч мингдан ортиқ аскари ҳамда 500дан ортиқ ҳарбий техникаси иштирок этиши хабар қилинган эди.

Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон бу машғулотларда биринчи марта иштирок этмоқда.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига асос солинганидан бери шу кунгача аъзо давлатлар ҳамкорликда бир неча маротаба ҳарбий ўқув машғулотларини ўтказган эдилар.

Бундай машғулотларнинг биринчиси 2003 йилда Қозоғистон ва Хитой ҳудудида ўтказилган. Ўшанда ҳам Ўзбекистон бу машғулотларда иштирок этмаган.