Вашингтон суди Трамп сайлов штабининг бошлиғи Пол Манафортни айбдор деб топди

Пол Манафорт.

Вашингтон судининг Ҳакамлар ҳайъати президент Трампнинг сайлов штаби бошлиғи бўлган Пол Манафортни билдирлиган 18 айбловнинг 8таси бўйича айбдор деб топди.

Ҳакамлар Манафорт 5 ҳолатда солиқларни яширган, икки ҳолатда банк фирибгарлигини амалга оширган ва бир ҳолатда хориж давлатларидаги банк ҳисобларини яширган деган қарорга келди.

Манафорт АҚШ президентлигига 2016 йилда ўтган сайловда Россия билан алоқада бўлганликда гумонланаётган эди. Лекин 21 августдаги жараёнда унга бу борада айблов билдирилмади. Асосий айбловлар унинг Украинадаги сиёсий технолог сифатидаги фаолиятига қаратилди.

Украина бош прокурори Юрий Луценко Вашингтон суди қарори ортидан Киев ҳам бу масалада жиноят иши очганини маълум қилди. Унга кўра, украин сиёсатчилари қонунга зид равишда Манафорт хизматларидан фойдаланган ва солиқларни яширган.

-Биз давлат амалдорларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан гумонлар борлиги муносабати билан жиноят иши очдик. Бу амалдорлар ширкатларни бошқариб турган ва лавозимда бўлиб турган пайтда бу ширкатларни бошқаришни учинчи одамларга топширмаган, -деди Луценко.

Манафорт устидан суд Трампнинг сайлов пайтида Россия билан тил бириктирганига оид иддаолар бўйича ўтказилаётган биринчи жараён бўлди. Бу иш юзасидан терговни махсус прокурор Роберт Мюллер олиб бормоқда.

2017 йилда Пол Манафорт ва унинг ҳамкори Рик Гейтс терговнинг биринчи гумонланувчиларига айланган эди. Уларга АҚШга қарши тил бириктирган ҳолда Украинанинг собиқ президенти Виктор Янукович ва унинг Регионлар партияси манфаатларини олға суриш айблови билдирилган. Гейтс айбловни тан олган, Манафорт эса инкор қилган.