Facebook хавфсизлик хавотирлари ортидан ўзининг myPersonality иловаси фаолиятини тўхтатиб қўйди.
Тармоқ маъмурияти бу илованинг фойдаланувчилар шахсига оид маълумотларни шубҳали гуруҳ ва ташкилотларга берган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирди.
Associated Press агентлигининг ëзишича¸ Facebook маъмурлари 4 миллиондан кўпроқ фойдаланувчига оид маълумотларнинг мазкур илова воситасида ғаразли гуруҳлар қўлига ўтган бўлишини тахмин қилмоқда.
myPersonality иловаси 2012 йилда ишга туширилган¸ аммо Facebook унинг хавфсизлигини Британиядаги Cambridge Analytica ширкати билан чиққан можародан сўнггина текширишга қарор қилган.
Бу таҳлилий гуруҳ Facebook фойдаланувчиларига оид шахсий маълумотлардан АҚШ сўнгги президентлик сайловолди кампанияси мобайнида Дональд Трамп номзодини қувватлаш мақсадида ноқонуний фойдаланганликда айбланмоқда. Айни гуруҳ бундай ноқонуний ишни дунëнинг 200 дан ошиқ давлатидаги сайловларда ҳам қилгани айтилмоқда.
WSJ нашрига кўра¸ Apple ширкати Facebookнинг яна бир иловаси Onavoни ҳам шахсий маълумотларга оид янги қоидаларни бузаëтганликда айблаб¸ App Storeдан олиб ташлаган.
Ҳозиргача Facebook шахсий маълумотлар дахлсизлигини бузишда гумонланган 400 дан ошиқ иловасини тўхтатиб қўйди.