Чегарада афғон жанггарилари отган ўқдан икки нафар тожикистонлик ҳалок бўлди

Тожикистон-Афғонистон чегараси.

Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош бўлган Фархор қишлоғида “Нива” автомашинасида кетаётган тожикистонликларга қарата афғон жанггарилари отган ўқдан икки киши ҳалок бўлди, бир киши яраланди.

Бу уч одамнинг барчаси ўрмончи бўлган. 1965 йили туғилган Амирхон Саидов ва 1958 йилда туғилган Давлат Сангаков ҳалок бўлган, Сафархон Раҳмонов яраланган.

Тожикистон чегара хизмати бу воқеа юзасидан расмий маълумот бермаяпти. Воқеа содир бўлган жойга ҳукумат вакиллари борган, милиция ва вертолётлар вазиятни назорат қилмоқда.

Афғонистоннинг Тахор вилояти расмий вакили Ҳалил Асир афғон томони бу воқеадан хабардор эканини, бироқ унинг ортида кимлар тургани ҳозирча номаълумлигини билдирди. Расмийнинг билдиришича, Тожикистон фуқароларига қарата ўқ отилган ҳудуд Толибон назорати остидадир.

Бир неча ой олдин Душанбеда ўтган анжуманлардан бирида Тожикистон чегара хизмати раҳбари Ражабали Раҳмонали чегаранинг Афғонистон томонида 7 мингга яқин жанггари тўпланиб қолганини ва бу хавфли вазиятни келтириб чиқариши мумкинлигини билдирган эди.

Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараси 1400 килмоетрни ташкил қилади.