Афғонистон расмийлари 27 август куни Тожикистон билан чегарадош ҳудудларда қайси давлатга ёки кимга тегишли экани номаълум бўлган ҳарбий самолётлар жанггарилар позицияларини ўққа тутганини маълум қилди.
Маълумотда айтилишича, 8 нафар жанггари ўлдирилган, 6 жанггари яраланган. Бу воқеа Тожикистоннинг Фархор қишлоғида афғон жанггарилари чегара ҳудудида икки нафар тожикистонликни отиб ўлдиргани ва бир нафар тожикистонликни яраланидан бир кун ўтиб содир бўлди.
Афғонистоннинг Тохар вилояти ҳокимининг расмий вакили Ҳалил Асир Озод Европа-Озодлик радиосига самолётлар 27 август куни чегарадан унча узоқ бўлмаган Даркад туманини ўққа тутганини айтган. Асирнинг билдиришича, мазкур туман Толибон назорати остидадир.
Тожикистон ҳукумати самолётлар ва вертолётлар тожик армиясига тегишли эмаслигини билдирди. Тожикистонда ўз ҳарбий базасига эга бўлган Россия ҳам бу воқеага алоқадор эмаслигини маълум қилди.
Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош бўлган Фархор қишлоғида 26 август куни “Нива” автомашинасида кетаётган тожикистонликларга қарата афғон жанггарилари отган ўқдан икки киши ҳалок бўлган ва бир киши яраланган эди.
Ҳалил Асир афғон томони бу воқеадан хабардор эканини, бироқ унинг ортида кимлар тургани ҳозирча номаълумлигини билдирди.