Осиё ўйинларининг футбол мусобақалари чорак финалида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Жанубий Кореяга 4:3 ҳисобида ютқазди.
Энди Ўзбекистон жамоаси ўйинлардаги иштирокини тўхтатади. Жанубий Корея эса ярим финалга йўл олди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Футболчиларнинг чорак финалдаги мағлубияти Ўзбекистоннинг энг асосий расмий миинбари бўлган ЎзА томонидан кескин танқид қилинди.
“Равшан Ҳайдаров рақибга қарши тактика танлашда муаммоларга дуч келди. Натижа эса ўзингизга маълум, Жанубий Корея ярим финалда, биз эса уйга қайтамиз. Алам қиладигани, жамоамизнинг салоҳияти бундан кўпроғига қодир эди. Фақат яна ўша эски муаммо – мураббийларнинг савияси туфайли оғзимиздаги ошни олдириб қўйдик”, дейилади ЎзА мақоласида.
Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси чорак финалгача ўтказилган тўртта ўйиннинг барчасида ғалаба қозонган эди. Ўзбекистон жамоаси рақиблар дарвозасига 13 марта гол урган ҳолда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган.
Бироқ чорак финалда ўзбек футболчилари бу даҳлсизликни сақлаб қололмай, Жанубий Корея жамоасига 4:3 ҳисобида ютқизди.
“Сир эмаски, Равшан Ҳайдаров таваккалчи мураббийлар тоифасига кирмайди. Ушбу мутахассис халқимизнинг “етти ўлчаб бир кес”, мақолига қаттиқ амал қиладиганлардан. Бу эса ҳар доим ҳам қўл келавермайди.
Тўғри, одатда ўзини ҳурмат қилган мутахассислар ғолиб чиққан таркибни бўлар-бўлмасга ўзгартираверишмайди. Бунинг яхши жиҳати, футболчилар ўйиндан ўйинга бир-бирини яхшироқ тушуниб боради. Лекин, масаланинг иккинчи томони ҳам борки, бундан кўз юмиб бўлмайди.
Рақиб жамоа мураббийлари мунтазам бир хил таркиб ва тактикада ҳаракат қиладиган жамоага қарши қандай ўйнаш кераклигини яхши ўзлаштириб олишади”, деб ёзади ЎзА мухбири.
Мақола якунида “Яна неча йил Хиросимадаги ёрқин ғалабамизни эслаб юрар эканмиз?!” деган савол қўйилади.
Хиросимадаги Осиё ўйинларида Ўзбекистон футбол жамоаси Хитойни 4:2 ҳисобида енгиб, тарихда биринчи марта Осиё чемпиони бўлган эди.
Айтиб ўтиш лозимки, бундан 24 йил олдин - 1994 йилда Япониянинг Хиросима шаҳрида ўтказилган 12-Осиё ўйинларида Узбекистон 10та олтин, 11 та кумуш, 19 бронза-жами 40 медал олиб 42 мамлакат орасида 5-ўринни эгаллаган эди.
Айни пайтда Индонезияда ўтаётган Осиё ўйинларида эса Ўзбекистон спорт делегацияси 28 август ҳолатига кўра, 6та олтин, 13та кумуш ва 12та бронза, жами 31 медалга эгалик қилиб, Осиё ўйинларида 45 давлат орасида 11 -ўринда бормоқда.
Озодлик радиоси футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси мураббийси Равшан Ҳайдаров билан боғланиш ва ундан бу мақолага муносабат сўраш имкониятига эга бўлмади.
Бироқ Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ЎзАдан фарқли ўлароқ ўзбек футболчилари мағлубиятига бошқачароқ муносабат билдирди.
“Сизлар қўлдан келганча ҳаракат қилдингиз. Буни барча кўрди! Майдонда борингизни бериб ўйнадингиз ва биз буни қадрлаймиз. Албатта, биз сизни финал ўйининда кўришни жуда-жуда истагандик. Аммо, бу футбол. Унда ғалаба ва мағлубият ёнма-ён юради. Шундай экан, кайфиятни туширманг йигитлар! Ҳаёт давом этади”, дейилади Миллий Олимпия қўмитасининг футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоасига қилган расмий мурожаатида.
Медал бўйича умумжамоа ҳисоби
Осиё ўйинларида Ўзбекистон жамоаси жами 31та медалга эгалик қилмоқда. Улардан 6таси олтин, 13 та кумуш ва 12та бронза. Тўққизинчи кун мусобақаларидан сўнг Ўзбекистон делегацияси медаллар бўйича умумий рейтингдаги 10-ўриндан 11-ўринга тушиб қолди.
Ўзбекистоннинг рейтингдаги аввалги ўринларини 9та олтин медални қўлга киритган Таиланд (8-ўрин) ва 8 та олтин медалга эгалик қилаётган Ҳиндистон (9-ўрин) ва 27 августда 11- ўринда бўлган, лекин ўша куни 7-олтин медални қўлга киритган Қозоғистон (10-ўрин) эгаллади.
Мазкур рейтингнинг биринчи учлигини Хитой, Япония ва Жанубий Корея эгалламоқда.
Медалчилар
Олтин медаллар: Бекзод Абдураҳмонов (эркин кураш) Никита Рафалович (таэквандо), Мўминжон Абдуллаев (эркин кураш), Шаҳбоз Абдужабборов ва Шаҳбоз Холмурзаев (академик эшкак эшиш). Денис Истомин (теннис), Руслан Нуриддинов (оғир атлетика)
Кумуш медаллар: Дмитрий Шокин (таэквандо), Дарья Латишева (ушу таулу), Рустам Ассакалов (грек-рим кураши), Достон Ёқубов (оғир атлетика), Ниёз Пўлатов (таэквандо), Сардор Тўлқинхўжаев ва Алишер Турдиев (академик эшкак эшиш), Оксана Чусовитина (гимнастика), Омадой Отақўзиева (оғир атлетика), академик эшкак эшиш бўйича саккиз кишилик экипаж ( Алишер Яров, Достонжон Бахриев, Ислом Мамбетназаров, Достонжон Хурсанов, Шоҳжаҳон Нажмиев, Отамурод Раҳимов, Шеҳроз Ҳакимов, Зафар Усмонов, Анатолий Краснов), Мурод Холмуродов (велоспорт), Баҳринисо Бабаева (каратэ), Сабина Ташкенбаева, Нуриниссо Усмонова, Дилдора Раҳматова ва Асал Икромова жамоаси (бадиий гимнастика).
Бронза медаллар: Сирожиддин Ҳасанов , Магомед Ибрагимов, Давит Модзманашвили (учаласи ҳам эркин кураш бўйича), Нигора Турсунқулова (таэквандо), Адҳамжон Эргашев (оғир атлетика), Светлана Осипова (таэквандо), Академик эшкак эшиш бўйича тўртлик мусобақаси жамоаси, Садриддин Сайматов (каратэ), Суҳроб Ходжаев (босқон улоқтириш), Барно Мирзаева (каратэ), Абдумалик Салимов (пенчак силат), Рустам Джангабаев (оғир атлетика).
XVIII Осиё ўйинларига Индонезия пойтахти Жакарта ҳамда Суматра оролидаги йирик шаҳарлардан бири Палембанг мезбонлик қилмоқда.
18 августдан 2 сентябргача давом этадиган ўйинларда 45 мамлакатдан жами 9 704 нафар спортчи 42 та спорт тури бўйича 476 та медал учун курашади