Муҳаммад Шакур таҳаллуси билан танилган Facebook тармоғидаги блоггер Шокир Шарипов қизларнинг мактабга рўмол ўраб бориши тақиқланаётганига муносабати билдириб қолдирган пости учун 25 август куни Тошкент шаҳар Қибрай туман ички ишлар бўлимига олиб борилган. Блоггернинг сафдошлари унга милиция ходимлари таҳдид қилганларини билдирганлар.
44 ёшли Муҳаммад Шакур пост ёзилгандан 6 кун ўтиб 8 нафар милиция ходими томонидан ўз ихтиёрига қарши ички ишлар бўлимига олиб кетилган.
Милиция ходимлари у билан икки соат профилактик суҳбат ўтказиб, унга нисбатан "оммавий тартибсизликка чақириш" ва "пропискасиз яшаш" бўйича маъмурий иш очилганини маълум қилишган. Блогернинг компьютери ва қўл телефони ҳеч қандай расмий ҳужжатлар тақдим этилмаган ҳолда олиб қўйилган.
Блоггернинг айтишича, милиционерлар ундан суҳбат давомида нима учун Facebook тармоғида рўмол ўраган қизлар ҳуқуқи ҳимояси учун пикет ўтказиш ҳақида ёзганини сўрашган ва шу пости учун унга босим ўтказиш мақсадида юқоридан топшириқ бўлганини айтишган.
Муҳаммад Шакур Facebookдаги постида 5 киши бўлиб пикет қилишни таклиф қилган эди.