OzodMikrofon: “Бош прокуратура ҳам мени ишга қайта тиклай олмади"

Озодлик радиосининг Бишкек бюросига Тошкент ва Хоразмдан келган икки нафар аёл Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ва раҳбарларнинг адолатсизликларидан шикоят қилишди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

OzodMikrofon: “Озодлик радиосига шикоят қилганимдан сўнг мени ишдан бўшатишди”

“OzodMikrofon”га гапирган биринчи суҳбатдошимиз Тожигул Генжаева Хоразм вилояти Шовот туманидан келганини айтди. Тожигул Генжаева 2017 йилнинг 21 апрелида биринчи марта Озодлик радиосига мурожаат қилиб, 24 йиллик шифокорлик тажрибасига эга бўлишига қарамасдан туман марказий касалхонаси лабараторияси бўлими мудирлиги вазифасидан ноқонуний бўшатилиб, оддий лаборантликка ўтказилганини айтган эди.

Тожигул Генжаеванинг иддао қилишича, у Озодлик радиосига шикоят қилганидан сўнг босимларга учраб, бира-тўла ишдан ҳайдалган.

-Бу мурожаатимдан сўнг менга ҳеч қандай ёрдам бўлмади. Аксинча миллий хавфсизликка чақиртиришиб: “Нега Озодлик радиосига чиқдинг”, деб босим кўрсатишди. “Болаларингга ҳам кислородни тўсиб қўямиз”, деб таҳдид қилишди. Бош врач ҳам ҳар бир масжлисда Озодликка шикоят қилганимни гапириб, босимлар ўтказиб юрди. Ўша пайтда мен прокуратурага қилган мурожаатларимга жавоб ололмаганим учун, мени ноқонуний ишдан бўшатишгани учун Озодликкка гапирган эдим, -деди Тожигул Генжаева.

Суҳбатдошнинг билдиришича, у 2017 йил 21 июлдан бери ишсиз юрибди. Шу давр ичида у бош прокуратурага уч марта мурожаат қилган.

Генжаевага кўра, бош прокуратуранинг 15-бўлими ходими Эркинбой Тожиев унинг аризаларини кўриб чиқиб, туман прокуратурасига уч марта ишни ижобий ҳал қилиб бериш масаласида топшириқ берган. Бироқ маҳаллий раҳбарлар бу топшириқни бажармаганлар.

-15-бўлими ходими Эркинбой Тожиев аризамни кўриб чиқиб, вилоят прокуратурасига телефон қилди. Мен вилоят прокуратурасига бордим. Вилоят прокуратураси мени туман бандлик бўлимига жўнатди. Бандлик бўлими менга ишга йўлланма берди. Бироқ ҳали Бандлик бўлимидан чиқмасимдан туриб Марҳабо исмли қиз қўлимдан йўлланмани олиб қўйди. Шундан сўнг яна вилоят прокуратурасига бордим. Улар менинг масаламни ижобий ҳал қилишга ваъда беришди. Мен ўн кун кутдим. Ўн кундан кейин вилоят прокуратурасига борсам, мени ичкарига киритишмади, -деди “OzodMikrofon”га Тожигул Генжаева.

Ўшдан Тошкентга 2005 йилда келин бўлиб борган Малика Ҳайитова эса бир йилдан бери судлар унинг собиқ турмуш ўртоғига билдираётган мулк иддаолари бўйича жараённи ортга суриб келаётганидан шикоят қилди. Малика Ҳайитованинг иддао қилишича, суд жараёни асоссиз чўзилаётгани тўғрисидаги шикоятларига прокуратура ҳам жавоб бермаган.

-2017 йилдан бери прокуратура ва бошқа жойларга мурожаат қилдим. Бироқ бирортасидан натижа бўлмади. Ҳозир қийналиб, Тошкентдаги “Пчелка” деган магазиннинг ичида яшаяпмиз. Собиқ турмуш ўртоғим фирибгарлик йўли билан ҳамма мулкимизни, мени балоғатга етмаган қизим билан Тошкентга кўчириб олиб келиб, мулкни ўзлаштириб, бизни кўчага ирғитиб юборди,-дейди Малика Ҳайитова.

Суҳбатдошимиз Тошкентга кўчиб келаётганида Ўшда 52 минг долларлик мол-мулкини сотиб, турмуш ўртоғига бизнес қилиш учун берганини иддао қилди. Малика Ҳайитовага кўра, унинг қўлида собиқ эрининг пулни олгани тўғрисидаги тилхат ва бошқа ҳужжатлар мавжуд.

Малика Ҳайитова бу масалада судга шикоят киритган. “Бироқ Тошкент шаҳар Бодомзор туман фуқаролик ишлари суди бир йил давомида бу иш юзасидан бирон марта мажлис ўтказмади. Мунтазам жараённи ортга суриб келмоқда”, деб иддао қилади Малика Ҳайитова.

--------------------------------------------------------------------------------------

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!