Россиянинг Екатеринбург, Қозон, Владивосток ва Ростов Дон шаҳарларидаги Ўзбекистон консулхоналари шу кунгача бино йўқлиги муносабати билан ишламай келмоқда. Бу ҳақда Sputnik нашри 29 август куни Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Баҳром Ашрафхоновга таянган ҳолда хабар берди.
Хабарда айтилишича, Екатеринбургдаги консулхона учун куни кеча муносиб бино топилган ва консул бу ердаги фаолиятини бошлаш учун жўнаб кетган.
Яқин кунларда қолган шаҳарлардаги консулхоналарни ҳам ишга тушириш режалаштирилмоқда. Айни пайтда Владивостокдаги консулхона учун бир неча бино кўриб чиқилди
Бугунги кунда фақат Санкт – Петербургдаги консулхона фаолият кўрсатмоқда. Мазкур консуллик жорий йилнинг февраль ойида очилган эди. Маълумотда айтилишича, шу кунгача Петербургдаги консулхонага 3,5 минг нафар Ўзбекистон фуқароси турли масалалар юзасидан мурожаат қилган.
2018 йилнинг февраль ойида Москвага иш сафари билан борган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Россиянинг бир нечта федерал округида Ўзбекистоннинг бош консулликлари таъсис этилганлигини маълум қилганди.