Жаҳон банки Ўзбекистонда умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган 8 та қўшимча лойиҳани амалга оширади. Бу ҳақда Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким 28 августда президент Шавкат Мирзиёевга йўллаган мактубида маълум қилди.
Ўзбекистон раҳбари расмий сайтида эълон қилинган мактубда, жумладан: “Бу лойиҳалар иқтисодиётни ривожлантириш бўйича янги лойиҳаларни ҳамда қишлоқ жойларда аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга қаратилган «Обод қишлоқ» дастурини қўллаб-қувватлашни ҳам ўз ичига олади”, деб айтилади.
Ўзбекистон президенти шу йил 29 март куни “Обод қишлоқ тўғрисида” фармон чиқарган эди.
Фармон қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини барпо этишни назарда тутади.