Қирғизистонда 2 сентябрь куни 3- кўчманчилар ўйинлари бошланди. 8 сентябргача давом этадиган ўйинларда 66 давлатдан келган 1,5 мингдан ортиқ спортчи 37 этноспорт тури бўйича беллашади.
Иссиқкўлда ўтаётган ўйинларнинг очилиш маросимида Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков, Туркия президенти Режаб Тойип Эрдўғон, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев,Татаристон президенти Рустам Минниханов, Венгрия бош вазири Виктор Орбан, Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра амирлиги шаҳзодаси Муҳаммад бин Ҳамад бин Муҳаммад ал Шарқий иштирок этди.
Тантанали маросим пайтида 4-кўчманчилар ўйинни ўтказиш ваколатини Қирғизистон Туркияга топширди. Кейинги ўйинлар 2020 йилда Туркияда ўтказилади.
Кўчманчилар ўйинлари биринчи марта 2014 йилда Қирғизистонда ўтказилган эди. Иккинчи кўчманчилар ўйинларини режа бўйича Туркия ўтказиши белгиланганди.
Бироқ Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Алмазбек Атамбаев Анқарини танқид қилгани ортидан Туркия ўйинларни ўтказишдан бош тортган. Ўшандан бери ўйинлар икки йилда бир марта Қирғизистонда ўтказиб келинган.