Бекободда 11-синф ўқувчиси 10-синф ўқувчисини пичоқлаб қўйди

Иллюстратив сурат.

Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида 6-сонли ўрта мактабнинг 11-синф ўқувчиси Т.Б., “Дилдора” тўйхонасининг орқа томонида ўз мактабдоши бўлган 10-синф ўқувчиси И.Ш.,ни пичоқлади.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, 1 сентябрь куни содир этилган пичоқлашувга ўзаро жанжал сабаб бўлган. И.Ш. жароҳат олиб касалхонага ётқизилган. 11-синф ўқувчиси Т.Б қўлга олинган.

Вазирликнинг билдиришича, Андижон вилояти Балиқчи туманидаги “Наво” тўйхонасида ҳам 30 август куни пичоқлашув бўлган. Тўйхонада А.Ж. ўзининг ҳамқишлоғи бўлган М.У. билан ўзаро жанжаллашиб қолган.

“Жанжал оқибатида А.Ж. пичоқ ёрдамида М.У.нинг оёқ қисмига тан жароҳати етказади. М.У.га тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага етказилган бўлишига қарамай у ҳаётдан кўз юмди. А.Ж. қўлга олинган”, дейилади хабарда.